Ёшлар ташаббуслари тингланди, таклифлар ўртага ташланди
Юртимизда ёшларга қаратилган эътибор ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларга муносиб шароитлар яратиш борасида қатор ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖда ҳам ушбу сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида ёш кадрлар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Компания Ёшлар етакчилари ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги очиқ мулоқотда ёш мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди, ташаббус ва таклифлар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида раҳбарият томонидан таъкидландики, ёшлар нефт ва газ соҳасидаги инновация, янги билим ва энергия манбаи сифатида соҳанинг барқарор ривожланиши, рақобатбардошлиги ҳамда технологик янгиланишида ҳал қилувчи рол ўйнайди. Шу сабаб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш – компания сиёсатида устувор йўналиш ҳисобланади.
Ёш мутахассисларнинг билим ва салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида хорижий тилларни билган, илмий даражага эга ходимлар учун моддий рағбатлар жорий этилган. Таълим ва малака ошириш учун хорижий давлатларга хизмат сафарлари уюштирилмоқда. Илғор ташаббуслар кўрсатган ёшлар доимий равишда қўллаб-қувватланмоқда.
Тадбирда иштирок этган Бошқарув раисининг қазиб чиқариш бўйича ўринбосари бу соҳада ўзи босиб ўтган йўл, иш фаолияти ҳақида сўз олиб, фидойилик ва доимий ўз устида ишлаш муваффақият гарови эканини алоҳида қайд этди.
Йиғилишда шунингдек, ёшлар ташаббуси билан қатор янги ғоялар илгари сурилди. Жумладан, ёш кадрлар заҳирасини шакллантириш, ёш аёллар учун алоҳида клублар ташкил этиш, халқаро стандартларни жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Бундай очиқ мулоқотлар нафақат ёшларнинг қизиқиш ва ташаббусларини тинглаш, балки мавжуд муаммоларни раҳбарият даражасида муҳокама қилиш ва уларга амалий ечим топиш учун ҳам муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Мулоқот якунида 30 июн – “Ёшлар куни” муносабати билан фаоллиги ва ташаббускорлиги билан ажралиб турган бир гуруҳ ёш мутахассисларга Бошқарув раисининг “Ташаккурнома”лари топширилди.
Шу куни ёшлар Давлат геология музейида бўлишиб, геология ва гидрогеология соҳалари бўйича билимларини бойитди ҳамда маданий хордиқ чиқариш имконига эга бўлдилар.