Қонунчилик палатаси вакили “Uzbekistan GTL” заводида бўлди
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов “Uzbekistan GTL” заводида бўлиб, синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарилиш ҳолатини ўрганди.
Ташриф давомида заводда тайёрланадиган янги турдаги синтетик ёқилғи маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолати, сифат ва стандартларга мувофиқлиги, маҳсулотларни сақлаш, сотиш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек заводнинг замонавий бошқарув панеллари орқали ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмаларини синхрон эксплуатация қилиш технологик тизими ва ўқув-симмуляция хонаси яқиндан таништирилди.
Бундан ташқари, марказий лаборатория биносида жойлашган замонавий қурилма ва асбоблар орқали заводда ишлаб чиқарилаётган “GTL” дизел ёқилғисининг Euro-6 (EN 15940) Европа экологик ва “O‘zDSt EN 15940:2022” миллий стандартларнинг юқори талабларига мослиги таҳлил жараёнларида кўрсатиб берилди.