Маҳаллийлаштириш дастури орқали 798,2 минг АҚШ доллари тежалди
Шўртан газ кимё мажмуасида маҳаллийлаштириш дастури доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, 2024 йилда мажмуа томонидан маҳаллийлаштириш натижасида 4 та лойиҳа амалга оширилиб, 398,4 тонна маҳсулот қайта ишланди ва 6,89 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Импортни қисқартириш, валюта маблағларини тежаш ва маҳаллий корхоналар билан янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида 798,2 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маҳсулот импорти камайтирилди. Шунингдек, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш ҳисобига корхона 4,3 млрд сўм миқдорида соф фойдага эришди.
Бу жараён доирасида маҳаллий корхоналар томонидан ҳар хил ўлчамдаги металл маҳсулотлар, юқори босимга бардошли текстил ва резина қопламали енглар, манометрлар, термопаралар, темир купороси, сувни тозалаш ва қайта ишлаш учун кимёвий моддалар, иссиқлик алмашиниш қурилмалари каби материал-техник ресурслар ўзлаштирилди.
Бухоро, Нукус, Қарши ва Тошкент шаҳарларида ташкил этилган саноат ярмаркаларида маҳаллий корхоналарнинг янги ўзлаштирилган маҳсулотлари ўрганилиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилди.
Ушбу лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши мажмуанинг рентабеллигини ошириш, меҳнат жамоасининг даромадларини кўтариш, шунингдек, мамлакатимиз саноати ва иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиш, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.