Мавсум олдидан қўшимча 471,5 млн куб метр табиий газ оқимини олишга эришилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Жорий мавсумга тайёргарлик кўриш доирасида Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасидаги асосий муҳандислик коммуникациялар, технологик асбоб-ускуналар, углеводородларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш қурилмаларида режалаштирилган профилактика ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунга қадар бошқармага қарашли 17 та иситиш қозони ва 57 та сиғим таъмирланиб, 5000 метр электр тармоғи монтаж қилинди.
Шунингдек, 12 та трансформатор подстанцияси, 8 та дизель электр станцияси, 11 та узлуксиз электр таъминоти манбалари, 11 та заҳирани автоматик улаш қурилмаси ҳамда 3 та газ тақсимлаш пунктининг ишчи ҳолати текширилди.
Газни қайта тайёрлаш ишларининг жадаллаштириш мақсадида “Шарқий Бердақ”, Арслон" ва “Урга” газни комплекс тайёрлаш қурилмалари, “Шарқий Бердақ” ва “Урга” сиқув компрессор станцияларининг газ ҳайдаш агрегатларида таъмир ва жорий таъмирлаш ишлари якунига етди.
Бундан ташқари, "Арслон" конидаги 2-сонли газ йиғиш пунктидан "Шарқий Бердақ" газни комплекс тайёрлаш қурилмасигача узунлиги 20,4 км бўлган газ қувурининг коррозияга учраган қисмлари янгисига алмаштирилди.
Тезкор тадбирлар натижасида таъмирлаш ишлари босқичма-босқич муддатидан аввал тугатилиб борилмоқда.
Жорий йилнинг шу даврига қадар бошқармага қарашли жами 16 та қудуқ бурғиланиб, яна 16 та қудуқ мукаммал таъмирланди ҳамда 1 та технологик объект ишга туширилди. Бунинг натижасида қўшимча 471,5 млн куб метр табиий газ оқими олишга эришилди.