Кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси Малайзияга ташрифи доирасида “PETRONAS” технология университети раҳбарияти билан ҳам икки томонлама учрашув ўтказди.
Унда университет фаолияти, эришган ютуқлари ҳамда таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Нефт-газ соҳасида кадрлар тайёрлаш учун ихтисослаштирилган тренинглар ва курсларни таклиф этадиган «Илғор ва касб-ҳунар таълим маркази» (UTP) фаолияти билан танишилди. «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари марказнинг илғор таълим услублари ва тадқиқот ташаббуслари билан қизиқиб, уларни мамлакатимизга мослаштириш имкониятларини муҳокама қилди.
Томонлар таълим дастурларини кенгайтириш, жумладан, қўшма академик курслар, малака ошириш ва алмашув дастурларини яратиш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Учрушув якунида бакалавриат ва магистратура дастурлари, ихтисослаштирилган тренинглар, шунингдек, илмий-тадқиқот лойиҳаларини қамраб олган ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Бу эса ўз навбатида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва нефт-газ соҳасида илғор технологияларни жорий этишга хизмат қилади.
Маълумот учун, PETRONAS Технология университети нефт-газ ва энергетика соҳалари бўйича бакалавр, магистратура ва PhD дастурларини таклиф этади. У Осиёдаги энг яхши техник университетлар қаторига киради ва QS World University Rankings рейтингига кўра етакчи Малайзия хусусий университети сифатида тан олинган.