Нефт ва газ объектларини ишлатиш ва жиҳозлашни бошқариш масалалари муҳокама қилинди
Бугун “O‘ZLITINEFTGAZ” АЖда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот институтлари ва Техника университетлари ҳамкорлигида халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Унда “Недра”, “Татнефт” каби йирик компаниялар, Озарбайжон Нефт, газ ва кимё геотехнологик муаммолари илмий-тадқиқот институти, Санкт-Петербург Давлат Иқтисодиёт университети, Қирғизистон Ер қаъри амалий тадқиқотлари Марказий Осиё институти, Тожикистон Миллий Фанлар Академиясининг геология ва сейсмология институти, вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Конференцияда углеводород хом ашёсини қазиб чиқаришни оптималлаштириш билан боғлиқ истиқболли геологик ва технологик ечимлар ва янги лойиҳаларни жорий этишга қаратилган тадқиқотлар билан боғлиқ муаммоли масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек геологик, технологик ва молиявий хавфларни бошқаришнинг янги тамойилларини қўллашни назарда тутадиган молиявий-иқтисодий схемалар бўйича нефт ва газ қазиб чиқаришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Табиий газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш тизимларида паст босимли табиий газ ва қимматбаҳо компонентларни утилизация қилиш, шунингдек технологик контурига ишлаб чиқариш корхоналарини киритиш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш масалалари ва технологиялари алоҳида ёритилади.
Тошкент Давлат Техника университетининг илмий ва ўқув жараёнини илмий-технологик ва лойиҳалаш институтлари тадқиқотларига интеграциялашуви билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.