Боку энергия ҳафталиги доирасида Озарбайжон президенти “Ўзбекнефтгаз” АЖ стенди билан танишди
Жорий йилнинг 31 май 3 июнь кунлари Озарбайжонда Боку энергия ҳафталиги доирасида “Каспий нефть ва гази – Caspian Oil&Gas” 28-халқаро кўргазмаси, "Энергетика ва яшил энергия – Caspian Power" 11-халқаро кўргазмаси ҳамда Баку энергетика форуми ўтказилмоқда. Ушбу Каспийбўйи минтақасининг энергетика соҳасидаги йирик тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти бошчилигидаги делегация аъзолари ҳам иштирок этмоқда.
Боку энергия форуми доирасида ўтказилаётган “Каспий нефть ва гази” кўргазма ва анжуман соҳа етакчи мутахассисларининг учрашув платформаси бўлиб, унда нефть, газ ва энергетика соҳасида давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича меморандумлар, битимлар ва шартномалар имзоланади. Тадбир иштирокчилари рўйхатидан жаҳоннинг нефть ва энергетика соҳасидаги етакчи компаниялари жой олган.
Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ушбу халқаро кўргазма-конференция қарийб 30 йилдан буён Озарбайжонга ўз салоҳиятини сармоядорларга намойиш этишда ёрдам бериб келаётганлигини эътироф эди.
Президент, шунингдек, ушбу йирик тадбир мамлакатда нефть ва газ соҳасига тамал тошини қўйиб, иқтисодий барқарорлик ва фаровон келажакни таъминлашга сабабчи бўлган, Озарбайжон мустақиллигининг асосчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланаётган бир пайтда ўтказилаётганлигига алоҳида урғу берди.
Кўргазманинг биринчи кунида Озарбайжон раҳбари экспозициялар, жумладан Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасига бағишланган "Ўзбекнефтгаз" АЖ стенди билан ҳам танишди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиев билан бўлган учрашувда “SOCAR” давлат нефть компанияси иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар икки давлат муносабатларини барқарор ривожлантиришга асос бўлаётганлигини таъкидлади.
Озарбайжон Республикаси раҳбари мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда кўрсатаётган етакчилиги ва кўмаги учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Озарбайжон Республикасининг Давлат нефть компанияси – “SOCAR” ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Йўл харита”си имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжат асосида кадрлар тайёрлаш, ходимлар ҳамда олимлар ўртасида тажриба ва кўникмаларни ўртоқлашиш каби қатор йўналишларда алоқалар ўрнатилган.
Кўргазма доирасида ўтказиладиган анжуманда нефть ва газ конларини ўзлаштириш, қудуқларни қуриш ва улардан фойдаланиш, бурғулаш, ускуналарни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва техник хизмат кўрсатиш, қувурларни ўрнатиш ва хавфсизлик тизимларини таъминлаш, маҳсулотларни қайта ишлаш, углеводородларни ташиш каби мавзуларда маърузалар тингланди ва муҳокамалар ўтказилди.