Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун заводларга қизиқарли саёҳат
Ғузор туманидаги 68-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ва Тошкент шаҳридаги Губкин университети талабалари учун Шўртан газ кимё мажмуаси ва "Uzbekistan GTL" заводига экскурсия ташкил этилди.
Малакали мутахассислар ёшларга мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутган мазкур икки йирик заводнинг ўзига хос фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар беришди.
Юқори технологияларга асосланган қурилмалар ва ускуналар ёшларда катта қизиқишлар уйғотди ва улар ўзларига ҳамроҳлик қилаётган ходимлардан қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.
Экскурсия давомида нефть ва газ саноатида кўп йиллар давомида меҳнат қилган тажрибали муҳандислар, фахрийлар ва ёшлар ўртасида учрашув ҳам ўтказилди.
Фахрийлар ўз ҳаёт йўллари ва соҳа ривожи учун қилган хизматлари ҳақида ёшларга ҳикоя қилиб беришди. Ўзлари дуч келган машаққатларни қандай енгиб ўтганлари ҳақида сўзлашди. Ёшларга қўйилган мақсад йўлда учрайдиган ҳар қандай қийинчиликларни билим, интилиш, меҳнат билан енгиш мумкинлигини тушунтиришди.
Бу каби экскурсиялар ёшларнинг саноат ва техника соҳаларига қизиқишини ошириб, келажакда малакали кадрлар бўлиб етишишларига катта ҳисса қўшади.