June 4, 2025

“Ўзбекнефтгаз”АЖ электр энергиясини сақлаш технологиясини ўрганмоқда

O‘zbekcha Ruscha

Энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва замонавий технологияларга ўтиш — бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Ана шундай муҳим мақсадлар доирасида жамият мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган, “China Energy” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган ва Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Battery Energy Storage Systems (BESS) — электр энергиясини сақлаш иншооти фаолияти билан танишишди.

Учрашув давомида “China Energy” компанияси вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди. Иншоотнинг ишлаш режими, техник имкониятлари, хавфсизлик чоралари ва унинг энергия тизимидаги аҳамияти тўғрисида атрофлича маълумотларга эга бўлишди.

Маълумки, қуёш ва шамол энергияси каби қайта тикланувчи манбалар табиатан узлуксиз ишламайди. Ана шу муаммони ҳал этишда BESS тизими энг самарали ечим сифатида кўрилмоқда. Тизим орқали электр энергияси литий-ион ва бошқа замонавий батареяларда сақланиб, истеъмол талабига мос равишда электр тармоғига узатилади. Бу нафақат барқарор таъминот, балки энергия тежашда ҳам катта имкониятлар яратади.

Мутахассислар томонидан иншоотнинг ишчи режимлари ва эксплуатация хусусиятлари ўрганилиб, амалиётда қўлланадиган билим ва кўникмалар юзасидан фикр алмашилди. Ёш кадрлар салоҳиятини ошириш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ва ускуналардан самарали фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Танишув якунида эса жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда миллий энергетика тармоғида замонавий технологияларни жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати