September 20

Малайзия университетида “Ўзбекнефтгаз” мутахассисларининг малака ошириш имкониятлари ўрганилди

O‘zbekcha Ruscha

Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатимиз ва Малайзия ўртасида тасдиқланган “Йўл харита”га мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖга ушбу давлатнинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш вазифаси белгиланган.

Шу муносабат билан ўтган йил баҳорда Петронас технология университети ректори Иброҳим Абдул Муталиб бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Петронас университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Ушбу ҳужжат икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва биргаликда таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлди. Мазкур келишув доирасида Жамият мутахассислари, шу жумладан Бухоро муҳандислик-технологиялари институти, Бухоро нефт ва газ саноати коллежи ҳамда “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ қошидаги “Нефт газ малака” ўқув тадқиқот маркази вакилларининг Малайзияга хизмат сафари ташкил қилинди.

Қайд этиш жоизки, Малайзиянинг Петронас технология университети нефт, газ ва энергетика соҳалари учун мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича юқори тажрибага эга. Университет ўзининг замонавий кампуси, тадқиқотлар ва инновациялар йўналишидаги ютуқлари билан дунёга танилган. Ўқув жараёни ва тадқиқотлар халқаро даражада ташкил қилинган бўлиб, талабаларга глобал стандартлар асосида таълим олиш имкониятини беради.

Хизмат сафари давомида ушбу университетнинг замонавий таълим методикалари, ўқув дастурлари ва қўлланмалари билан танишилди. Ўқув масканида яратилган шароитлар мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” ходимларини университетда ўқитиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий тадқиқот ҳамда таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.

Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда нефт-газ соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришда катта аҳамият касб этади. Илмий тадқиқотлар, қўшма таълим дастурлари ва мутахассислар тайёрлаш орқали, мамлакатлар ўртасида янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook