Хавфсизликни таъминлашга қаратилган назорат тадбирлари кучайтирилмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқариш корхоналарида содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, хавф-хатарсиз фаолият кафолатини таъминлаш мақсадида доимий назорат текширувлари олиб борилади.
Навбатдаги мониторинг тадбирлари Бухоро ва Навоий вилоятларида жойлашган объектларда ўтказилди. Унда Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Учқир харбийлаштирилган газдан қутқариш отряди, “Махсусэнергогаз” АЖ, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ, “Муборакнефтгазсувтаъминот” МЧЖ, “Бухоро нефт базаси” МЧЖ, “Навоий нефть базаси” МЧЖлар, уларга қарашли АЁҚШларда саноат, экология ва меҳнат хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ҳолатлари ўрганилди.
Корхоналарда масъулларга хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишларни намунали ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ўрганишлар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Учқир харбийлаштирилган газдан қутқариш отряди, “Махсусэнергогаз” АЖда бу борада белгиланган тартибларга амал қилинганлигини кўрсатди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси, газ, ёнғин, электр хавфсизлиги йўналишлари ҳамда хавфсизлик маданиятини ривожлантириш ва риск билан ишлаш йўналиши бўйича камчиликларга йўл қўйган 39 нафар ходим огоҳлантирилиб, 7 нафарига нисбатан интизомий чора кўрилди.
Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, жароҳатланишлар, касб касалликларининг олдини олиш бўйича аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар қилиниб, ижроси юзасидан масъул ходимларга топшириқлар берилди.