October 18, 2023

Ўзбекистонда газ қазиб чиқаришни кўпайтиришда “Schlumberger” билан ҳамкорлик қилинади

O‘zbekcha Ruscha

Бугун “Ўзбекнефтгаз” АЖда “Schlumberger Oilfield Eastern Ltd” компаниясининг мамлакатимиздаги бошқарувчи директори М.Тринка иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда қўшма лойиҳаларнинг бугунги ҳолати ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.

Учрашувда “Schlumberger” компанияси вакиллари “Геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш ва табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли дастурни ишлаб чиқиш ва уни бажарилишини олиб бориш” лойиҳаси бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан ўз тақдимотини намойиш этдилар. Шундан сўнг томонлар уни амалга оширишнинг асосий босқичларини батафсил муҳокама қилиб олдилар.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун иккала компания мутахассисларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузилади. Унга “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги барча конлар ва истиқболли майдонлар ҳақидаги мавжуд барча маълумотларни ўрганиш, табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган геологик-техник чора-тадбирларни шакллантириш ва амалга оширилишини назорат қилиш вазифаси юкланади.

Ушбу учрашув давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 3-6 сентябрь кунлари АҚШга давлат ташрифи чоғида имзоланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси доирасида ташкил этилди.

Қайд этиш жоизки, “Schlumberger” ўз мижозларига энергия ресурсларидан фойдаланишга ёрдам берадиган технологик компаниядир. Компания глобал энергия самарадорлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун етакчи рақамли ечимлар ва инновацион технологияларни тақдим этиш бўйича 120 дан ортиқ мамлакатда ўз тажрибасига эга.

Компания, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларида, жумладан, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда фаолият олиб боради.

“Schlumberger” компанияси 25 йилдан буён Россия ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларидаги ўз мижозларига юқори сифатли хизмат кўрсатиш борасида узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш учун минтақадаги кенг қамровли мустақил корхонага айланишга муваффақ бўлди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ 2019 йилдан буён ушбу компания билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида нефть ва газ саноатида 5 дан ортиқ йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Бугунги кунда Жамиятнинг 2023-2024 йилларга мўлжалланган геологик-техник тадбирларни шакллантириш ва уларни бажарилишини олиб бориш бўйича Дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, қудуқларни қуриш (бурғилаш асбоблари ва бурғилаш эритмалари) ва углеводород хомашёсини интенсификация қилиш соҳасида юқори сифатли хизматларини жалб қилиш бўйича самарали ҳамкорлик давом этмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube