November 29, 2023

Бизнес-жараёнларини рақамлаштиришда Озарбайжон тажрибаси ўрганилди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖда молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар (МҲХС) асосида тайёрлаш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида “Hiture” IT- консалтинг компанияси бошқаруви раҳбари Багадур Ибрагимов билан бир қатор учрашувлар ўтказилди.

Қайд этиш жоизки, “Hiture” компаниясининг штаб-квартираси Озарбайжоннинг Боку шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг ходимлари Кавказ ва Марказий Осиё (C&CА) минтақасида бизнесни трансформация қилишга ихтисослашган “IBM Consulting” халқаро IT-корпорациясида катта тажриба орттирган.

Ушбу компания “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг стратегик ҳамкори ҳисобланган Озарбайжон Республикаси Давлат нефть компанияси - “SOCAR”да ихтисослаштирилган IT-ечимларини жорий этиш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширган.

Аввал хабар қилинганидек, "Ўзбекнефтгаз" АЖда молиявий ҳисоботларни МҲХС асосида тайёрлаш, консолидациялаш ва трансформация жараёнларини автоматлаштиришда жаҳон IT бозоридаги замонавий дастурий таъминотларни ўрганиб чиқиб, унинг ишлаб чиқувчилари билан дастлабки муҳокамаларни ўтказган эди.

Озарбайжонда ўтказилган навбатдаги учрашувларни ташкил этишдан асосий мақсад “SOCAR”да “SAP” ва “IBM” корпорацияларининг IT ечимларини жорий этиш натижасида эришилган ютуқлар бўйича тажриба алмашиш, “С&CA” минтақасидаги йирик нефть ва газ компанияларида рақамлаштириш бўйича лойиҳа ёндашувларини ўрганиш орқали устувор ҳаракатларни аниқлаш бўйича тавсиялар олишдан иборат бўлди.

Шунингдек, мутахассис билан учрашувда бизнес-жараёнларни рақамлаштиришда IT инфратузилмаси ишончлилигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube