9 нафар иқтидорли талабага “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси тайинланди
И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиалида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан таъсис этилган стипендияга лойиқ топилган талабалар иштирокида тадбир ўтказилди.
Президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг замонавий таълим олишлари ва касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш Янги Ўзбекистонни қуришда катта манфаат келтиришини таъкидлаган эди.
Ана шундан келиб чиқиб, талабаларни рағбатлантириш, уларни билим олиш ва илмий-тадқиқот фаолиятга жалб қилиш ҳамда интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали илмий кенгаши томонидан тавсия этилган 9 нафар талабага “Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси тайинланди.
Cтипендиатларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан махсус Сертификат топширилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ стипендияси Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баробарида белгиланган бўлиб, ҳар ўқув йилида сентябрь ойидан бошлаб, ўқув йили якунига қадар ҳар ойда тўлаб борилади.