“Ўзбекнефтгаз”: Мутахассислар “Даунстрим Қозоғистон ва Марказий Осиё 2023” конференциясида иштирок этишди
1 - 3 март кунлари Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида “Даунстрим Қозоғистон ва Марказий Осиё 2023” нефть ва газ соҳасига бағишланган тўққизинчи конференцияси ўтказилди.
Анжуман ташкилотчиси “Vostock Capital” компанияси ташкилий қўмитаси таклифига асосан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳамда унинг тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, “Uzbekiston GTL”, Шўртан газкимё мажмуасидан мутахассислар иштирок этишди.
Ушбу анжуман халқаро нефть-газ соҳаси мутахассислари учун тажриба алмашиш платформаси сифатида ўз мавқеига эга бўлган тадбир ҳисобланади. Унда ҳар йили Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари, Россия Федерацияси ҳамда бошқа давлатлардан жами икки юздан зиёд нефть ва газ соҳасидаги мутахассислар йиғилади.
Жорий йилда ўтказилган тадбир доирасида нефть ва газни қайта ишлаш миқёсидаги лойиҳалар тақдимотлари, лойиҳаларни молиялаштириш, нефть ва газ тармоғи кооперацияси, инновация, нефть ва газни қайта ишлаш заводлари истиқболлари масалаларини кўриб чиқилди.
“Марказий Осиё давлатлари ва Қозоғистон Республикаси – давлатлар стратегияси ва нефтгаз саноати компаниялари ривожланиши бўйича режалар” мавзусига бағишланган тадбир доираси муҳокамалар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
Анжуманда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Нефть маҳсулотлари логистикаси ҳамда Газни қайта ишлаш ва газкимё департаментлари бошлиқлари томонидан “Ўзбекистон нефть ва газни қайта ишлаш тармоғи” мавзусида тақдимот ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилган Атирау нефтни қайта ишлаш заводида бўлишиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишишди.