Табиий газнинг янги ички тармоқ тарифи тасдиқланди
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 сентябрдаги 475-сон “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан республика якуний истеъмолчилари учун 2023 йил 1 октябрдан бошлаб ёқилғи-энергетика ресурсларининг, шу жумладан табиий газнинг, янги тарифлари тасдиқланди, унга кўра аҳоли учун тарифнинг миқдори ўзгаришсиз қолди.
Бундан ташқари, мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан табиий газ ишлаб чиқарувчиларнинг янги ички тармоқ тарифлари тасдиқланиши кўзда тутилган бўлиб, мазкур тарифларнинг ўзгариши якуний истеъмолчилар, жумладан аҳоли, учун табиий газ ва электр энергияси тарифларига таъсир ўтказмайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг қарорига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва “Шўртан газ-кимё мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти томонидан республика ичида сотиладиган табиий газ тарифининг янги миқдори тасдиқланди.
Унга асосан “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан сотиладиган табиий газнинг 1 минг куб метр учун тарифи қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда қуйидагича миқдорларни ташкил қилади:
“Шўртан ГКМ” МЧЖ учун 320 000 сўм;
“Uzbekistan GTL” МЧЖ учун 23,5312 АҚШ доллари;
“UzGasTrade” АЖ учун 450 000 сўм.
Шунингдек, “Шўртан ГКМ” МЧЖ томонидан “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва “UzGasTrade” АЖ учун сотиладиган табиий газнинг 1 минг куб метр учун тарифи қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда мос равишда 23,5312 АҚШ доллари ва 450 000 сўмни ташкил қилади.
Бунда, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида” Қонунига мувофиқ мазкур янги тарифлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан 15 кун ўтгач, яъни жорий йил 14 ноябрдан бошлаб кучга киради.