Коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўқув курслари ташкил этилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан корхона, завод, бошқарма ва нефт базаларида коррупция хавфини ўрганиш, олдини олиш, шаффофликни таъминлаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар тизимли амалга оширилмоқда.
Ушбу тадбирлар доирасида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисининг тегишли қарори билан тасдиқланган Идоравий дастур асосида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда “Коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали идоравий чора-тадбирлар ташкил этилишини таъминлаш” мавзусида махсус ўқув-курслари ташкил этилди.
Уларда раҳбар ва масъул ходимлардан иборат 50 нафар иштирокчи қатнашди. Курслар давомида “Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш” мавзусида семинар ва тренинглар ҳам ўтказилди. Тадбирларда ходимларнинг касбий даражаси ва интеллектуал салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан сертификатлар тақдим этилди.
Мазкур ташаббус, коррупциянинг олдини олиш борасидаги ҳаракатлар самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва хусусий сектор ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.
Шунингдек, курсларда иштирок этган раҳбарлар ва масъул ходимлар ўз ташкилотларида коррупциянинг олдини олиш бўйича амалий тадбирларни жорий этиш ва улар самарадорлигини баҳолаш учун зарур кўникмаларга эга бўладилар.