Янги кондаги илк қудуқдан газ олинди
Углеводород хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Қашқадарё вилояти Миришкор туманида жойлашган “Янги Култак” конида олиб борилган геологик қидирув ишлари натижасида кеча, 10 октябрь куни 1-сон излов қудуғида саноат миқёсидаги табиий газ оқими аниқланди.
Ўтган йилнинг май ойида бурғилаш бошланган мазкур қудуқ 4150 метр чуқурликгача бурғиланди. 2989-2990 метр оралиғида олиб борилган перфорация синов ишлари натижасида юқори юра даври карбонат ётқизиқларининг маҳсулдор қатлами ўзлаштирилди.
Қудуқнинг бошланғич кунлик эркин дебити 200 минг куб метрни ташкил этмоқда.
Ҳозирда қудуқда газ оқимининг босими ва ҳароратини баҳолаш, шунингдек, унинг иқтисодий самарадорлигини аниқлаш мақсадида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.