Стратегик объектларда хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Ўта муҳим тоифаланган объектларда фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ёнғин хавфсизлиги хизмати, тиббиёт бўлинмалари ходимлари, сафарбарлик бўйича мутахассислар, шунингдек, завод ишчи-ходимлари иштирок этиб, стратегик объектларда хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳатларини муҳокама қилдилар.
Тадбир фуқаро муҳофазаси куч-воситалари, тактик ва қутқарув операцияларининг кўргазмали чиқишлари билан ўзи ишини бошлади.
Дастлаб, фуқаро муҳофазаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва замонавий таълим технологияларини жорий этиш бўйича Фуқаро муҳофазаси институтининг тажрибаси билан ўртоқлашилди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш учун рақамли технологиялар ва автоматлаштирилган мониторинг тизимларидан фойдаланиш имкониятлари тақдим этилди.
Тақдимотлар иштирокчиларга ўта муҳим ва тоифаланган объектларнинг ҳимоя даражасини ошириш бўйича фаол олиб борилаётган ёндашув ва стратегияларни яхшироқ тушуниш имконини берди.
Назарий қисмдан сўнг заводнинг ишлаб чиқариш объектида махсус-тактик машғулот ўтказилди.
Унда фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш алгоритмлари, жумладан шартли ёнғинни ўчириш, ходимларни эвакуация қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва газ сизиб чиқиши оқибатларини бартараф этиш жараёнлари намойиш этилди.
Бир сўз билан айтганда мазкур тадбир касбий алоқаларни мустаҳкамлаш, фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва илғор ечимларни жорий этиш майдонига айланди.