Стипендиялар танлови ва ишлаб чиқариш амалиётига саралаш дастури эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2024-2025 ўқув йили учун олий таълим муассасалари иқтидорли талабалари ўртасида “Uzbekistan GTL" стипендиялар танлови ва ишлаб чиқариш амалиётига саралаш дастури эълон қилинди.
Танловда техника ва технология йўналишига ихтисослашган давлат ва хусусий олий таълим муассасаларининг 3- ва 4-босқич бакалаврлари ҳамда 1- ва 2-босқич магистр талабалари иштирок этишлари мумкин.
Ғолиблар 3 босқичли саралаш натижаларига кўра аниқланади:
1-босқич: Жорий йилнинг сентябрь ойидан 25 октябрига қадар талабгорлар анкета тўлдириб, ушбу ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари керак.
2-босқич: 25 октябрдан 15 ноябргача онлайн анкеталар асосида сараланган талабалар мутахассислик ва хорижий тил бўйича ёзма имтиҳон топширадилар.
3-босқич: Декабрь ойининг иккинчи ҳафтасида 2-босқичда юқори натижа кўрсатган талабалар суҳбатда иштирок этадилар.
Танлов босқичлари бўйича барча маълумотлар, шу жумладан кейинги босқичга ўтган талабалар рўйхати, имтиҳон кунлари, жойи ва вақти, “Uzbekistan GTL”нинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилиб борилади.
Ғолибларга 2024-2025 ўқув йили давомида стипендия тўлаб борилади ва олий таълим муассасасини тугатгандан сўнг доимий иш билан таъминланади. Шунингдек, дастурда муваффақиятли иштирок этган, аммо ғолиб бўла олмаган талабалар ҳам заводда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ имкониятига эга бўлишади.
Батафсил маълумот олиш учун +998 71 202 40 80 рақамига мурожаат қилиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, ҳар йили 250 га яқин талабалар амалиёт учун саралаб олинади. Амалиёт давомида улар бепул транспорт, уч маҳал овқатланиш, ётоқ жой билан таъминланади ва малакали мутахассислар назоратида бўладилар.