May 2

Лондон сафари: Халқаро молия бозорида муҳим ютуқлар

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси компаниянинг молиявий маслаҳатчиси “Finasia Capital” билан ҳамкорликда жорий йил 28 апрель – 1 май кунлари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрига хизмат сафарини амалга оширди. Ушбу ташриф компаниянинг халқаро молия бозорларидаги позицияларини янада мустаҳкамлаш ва инвестицион имкониятларини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.

Клуб кредити бўйича келишув

Сафарнинг энг муҳим натижаларидан бири – Standard Chartered, MUFG Bank ва Abu Dhabi Commercial Bank банклари билан 207 миллион доллар миқдорида клуб кредити бўйича келишув имзолангани бўлди. Келишув инвестицион ва ESG (экологик, ижтимоий ва бошқарув) лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини оширишга хизмат қилади.

Еврооблигациялар чиқарилиши: Янги рекорд

28–29 апрель кунлари еврооблигациялар чиқарилиши эълон қилинган даврда 15 та алоҳида учрашув ташкил этилди. Уларда 50 дан ортиқ йирик инвестиция компаниялари вакилларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолияти ва келгуси режалари ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Қайд этиш жоизки, бозордаги ҳолат ва инвесторлар томонидан билдирилган қизиқиш даражаси банк-ташкилотчилар кутганидан анча юқори бўлди. Натижада, 5 йиллик еврооблигация чиқарилиши бўйича 1,9 миллиард долларлик сўровлар қабул қилинди. Фоиз ставкалари босқичма-босқич пасайтирилиб, 850 миллион доллар миқдоридаги еврооблигациялар 8,75 фоиз йиллик якуний ставкада жойлаштирилди.

Мазкур келишувлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ учун халқаро молия бозорларида янги босқични бошлаб, компания нуфузини янада мустаҳкамлади.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати