Фавқулодда ҳолатларга бағишланган ўқув машқи ўтказилди
"Навоий нефт базаси" МЧЖда ёнғин ва портлаш юзага келганда тегишли хизматлар ҳамкорлигида амалга ошириладиган тадбирлар синовдан ўтказилди.
Ўқув машқларидан мақсад – ёнғин ва портлаш ҳолатларида объект раҳбарияти, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ҳамда фавқулодда вазиятлар тадбирларини ташкил қилиш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.
Дастлаб фавқулодда вазият юзага келганда, объект раҳбарияти фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва тезкор хизматларга хабар бериш, уларни шошилинч йиғиш, саф кўригини ўтказиш ва барча хавфсизлик чораларини белгилаш ҳаракатлари намойиш этилди.
Тузилмаларни юқори тайёргарлик ҳолатига келтириш ва уларни таркибга кирувчи тезкор хизматлар билан ўзаро ҳамкорликка тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнлар тузилмалар томонидан фавқулодда вазиятлар ўчоғини аниқлаш, уни ўраб олиш ва хавфсизлик чораларини амалга оширишни қамраб олди.
Шунингдек, авария-қутқарув ишлари ташкил этилиб, зарарли моддалар таркибини аниқлаш, вазиятни баҳолаш учун разведка тадбирлари амалга оширилди.
Кузатувчилар томонидан "Навоий нефт базаси" МЧЖ фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг иш фаолияти ва шартли хабарлар бўйича амалга оширилган тезкор ҳаракатлари "ТАЙЁР" деб баҳоланди.