Нефт-газ соҳасидаги лойиҳа бошқаруви бўйича малака оширилди
Япониянинг нефт-газ ва барқарор энергетика соҳасидаги ҳамкорлик маркази (JCCP) томонидан Токио шаҳрида “Нефт-газ саноатида лойиҳа бошқаруви” мавзусида ўтказилган малака ошириш курсида "Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассиси иштирок этди.
Унда 8 давлатдан 13 нафар соҳа вакили қатнашди. Дарслар халқаро сертификатга эга профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилди.
Дастур доирасида соҳа истиқболлари, лойиҳа бошқаруви асослари, ЕPC шартлари асосида шартнома тузиш, лойиҳадаги хавф-хатарлик омиллари, шартномалар ижроси назорати йўналишлари қамраб олинди.
Мутахассислар лойиҳа бошқаруви бўйича халқаро тажриба, замонавий ёндашувлар ва амалий ечимлар билан танишдилар.
Японияда олинган билим ва кўникмалар Жамият фаолиятида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва фойдаланишга топшириш жараёнларини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, буюртмачи, лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни оптимал йўлга қўйиш орқали ҳар бир лойиҳада вақт, сифат ва иқтисодий кўрсаткичлар бўйича юқори натижаларга эришиш мумкин бўлади.