March 25

Рақамлаштириш бўйича халқаро конгресс

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси Россиянинг нефт ва газ саноатини рақамлаштириш бўйича – Neft 4.0 халқаро конгрессда иштирок этди.

Ушбу тадбир рақамли трансформация шароитида саноатни ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва истиқболларини муҳокама қилиш учун Россия ва бошқа мамлакатларнинг етакчи нефт-газ ва IT -компаниялари топ-менежерлари ва мутахассисларини бир ерга жамлади.

Конгрессда йирик нефт-газ ва IT-компаниялари, шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари ва технологик ечимларни ишлаб чиқувчилар вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари соҳани рақамлаштиришнинг асосий йўналишлари – бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, “ақлли конлар” концепциясини жорий этиш, нефт ва газ саноати учун маҳаллий дастурий таъминот ва ускуналарни ишлаб чиқиш, шунингдек, жараёнларнинг самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириш каби мавзулардаги ялпи мажлислар, давра суҳбатлари ва маҳорат сабоқларида қатнашдилар.

Компаниялар фаолиятига инновацион технологиялар ва ишланмаларни жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш имкониятлари ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу каби тадбирлар “Ўзбекнефтгаз” АЖга рақамлаштириш соҳасида эришилган ютуқларни намойиш этиш билан бирга профессионал алоқалар тармоғини кенгайтириш, халқаро мутахассислар ҳамжамияти билан билим ва илғор тажриба алмашиш имконини беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram| telegram | youtube | facebook