“FIVE Petroleum” компанияси билан ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди
Давлатимиз раҳбарининг Малайзияга расмий ташрифи доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегациясининг навбатдаги учрашуви Малайзиянинг йирик “FIVE Petroleum” компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтди.
Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари, стратегик йўналишлар ва соҳани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда асосий эътибор кўп функцияли инфратузилмани яратиш, замонавий рақамли технологияларни жорий қилиш, стандартларни мувофиқлаштириш ва нефт маҳсулотларини қазиб олиш, қайта ишлаш ва тарқатиш борасида инновацион ечимларни қўллаш каби масалаларга қаратилди.
Томонлар соҳани модернизация қилишда халқаро тажриба ва илғор ишланмалар аҳамияти муҳимлигини таъкидлаб, ушбу йўналишларда алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдиришди. Жумладан, экологик тоза технологияларни жорий қилиш, логистика жараёнларини оптималлаштириш ва ишлаб чиқариш қувватларининг энергия самарадорлигини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув натижасида соҳанинг барқарор ривожланиши ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Қайд этиш жоизки, “FIVE Petroleum” 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда Малайзия бўйлаб автомобилларга ёқилғи қўйиш станцияларининг 110 дан ортиғига эга. Компаниянинг штаб-квартираси Куала-Лумпурда жойлашган.