Ўлчов асбоб-ускуналарини маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда
“Uzbekistan GTL” МЧЖ заводидаги ишлаб чиқариш қувватларига ўрнатилган метрологик ва назорат-ўлчов асбобларини босқичма-босқич маҳаллийлаштириш мақсадида “Метрол” компанияси вакиллари билан ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Унда мутахассислар техник ҳамкорлик, халқаро стандартларга жавоб берувчи ўлчов асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш ва амалиётда жорий этиш имкониятларини кенг муҳокама қилишди. Асосий эътибор саноатда аниқлик ва самарадорликни ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш орқали энергия самарадорлигини таъминлашга қаратилди. “Метрол” компанияси томонидан юқори аниқликдаги манометрлар, ҳарорат, сатҳ ва сарфни назорат қилувчи асбоб-ускуналар тақдим этилди.
Учрашув якунида илғор технологик ечимлар бўйича фикр алмашилди ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Маълумот учун: “Метрол” компанияси саноатда қўлланиладиган метрологик ва назорат-ўлчаш ускуналарини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш соҳасида жадал ривожланаётган компания ҳисобланади.