January 30

Япония банки билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Япониянинг “МУФГ Банк Лтд” банки вакиллари ўртасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва янги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш бўйича бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, трансформация жараёнлари ва иқтисодий барқарорлик бўйича эришилган натижаларга эътибор қаратилди. Жамиятнинг амалдаги лойиҳалари, эҳтиёжлари, корпоратив мақсадлари, молиявий стратегиялари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашувда банк томонидан таклиф этилаётган молиявий инструментлар, молиялаштириш учун таклиф қилинадиган кредитлар, шартномалар, уларни амалга ошириш муддатлари ва бошқа муҳим шартлари кўриб чиқилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва "МУФГ Банк Лтд" банки томонидан синдикатлашган кредит ташкил этиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди. Бу кредитлар катта миқдордаги молиялаштиришни талаб қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун жуда муҳимдир. Тақдим этилган таклифлар ва уларнинг амалга ошириш муддатлари, кредит шартномаларини имзолаш ишларини жадаллаштиришда муҳим ҳисобланади.

Шунингдек илғор хорижий банклар билан синдикатлашган клуб кредити ташкил қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу кредитлар экологик ислоҳотлар ва атроф муҳитга зарарни камайтиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун зарур.

Бундан ташқари меҳмонларга евробондларни чиқариш ва молиялаштириш режа қилингани ҳақида маълумот берилди. Банк вакиллари мазкур евробондларни чиқариш жараёни ва шу билан боғлиқ молиявий хизматларни кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунида ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ қадамлар белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook