August 31, 2023

Маҳаллий корхонанинг ички имкониятлари ўрганилди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан импорт қилинаётган айрим маҳсулотларни республикада ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.

Жамият мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида жойлашган “Carbon-Polymer” МЧЖ ишлаб чиқариш базасида бўлишди.

Ишчи гуруҳ корхонада ўрнатилган дастгоҳ ва механик қурилмалар имкониятлари билан танишишди. Корхонада сифат назорати тизимига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва “ISO 9001:2015” стандарти асосида ишлар олиб борилиши алоҳида қайд этилди. Шунингдек, конструкторлик бўлимида юқори малакали ходимлар томонидан тайёларган ностандарт ва ноёб маҳсулотларни лойиҳа ва чизмалари кўздан кечирилди.

“Carbon-Polymer” МЧЖнинг масъул вакиллари билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тармоқ корхоналарининг фторопласт, графит, текстолит ва копроландан тайёрланган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжлари ҳамда уларни биргаликда ўзлаштириш имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилди.

Ташриф якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан импортдан ҳарид қилинаётган металл қувурлар ўрнига юқори босимга чидамли полимер қувурларни “Carbon-Polymer” МЧЖ базасида ишлаб чиқариш ва тизим бошқармаларида саноат тажриба синовларидан ўтказишга келишиб олинди.

Маълумот учун: “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Carbon-Polymer” МЧЖ ўртасида жами 2,6 млрд сўмга 141 та шартнома имзоланган бўлиб, маҳсулотлар етказиб берилган. Шу жумладан, фторопласт жгут ва қистирмалар, графит ленталар, композит халқалар, электр чўткалар ва бошқа маҳсулотлар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube