Хитойлик ҳамкорлар билан музоркаралар ўтказилди
Бугун “Asia Trans Gas” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси таъсисчилари - “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳамда Хитойнинг “Trans-Asia Gas Pipeline Co. Ltd” компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар жараёнида “Asia Trans Gas” МЧЖ қўшма корхонасининг ташкил этилиши, унинг фаолияти Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликнинг натижаси сифатида катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Шунингдек, ушбу лойиҳа ҳар икки мамлакат учун ҳам манфаатли экани қайд этилди.
Мулоқотда қўшма корхонанинг ўтган йиллар давомида эришган натижалари, жорий йилдаги фаолияти, олдига қўйилган вазифа ва мақсадлари кўриб чиқилди. “Trans-Asia Gas Pipeline Co. Ltd” Бошқарув раиси томонидан қўшма корхона фаолиятини янада самарали олиб бориш, 2025 йилдаги маблағларни иқтисод қилиш ва бизнес планини қайта кўриб чиқиш таклифи Жамият раҳбарияти томонидан маъқулланди.
Учрашув сўнгида, кўтарилган масалалар ва уларнинг ижроси бўйича таъсисчилар баёни тасдиқланиши ва унда қўшма корхонага фаолияти билан боғлиқ аниқ вазифалар кўрсатиб ўтилишига келишиб олинди.
Келгусида ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг таҳлили ва муҳокамаси учун Хитой Халқ Республикасининг нефт ва газ соҳасидаги йирик корхоналар раҳбарлари билан мулоқотлар олиб боришга келишиб олинди.