Махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Шўртан газ кимё мажмуасида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.
Мақсад фавқулодда вазиятлар юзага келганда мажмуанинг бошқарув органлари, қутқарув тузилмалари ва ҳамкор ташкилотлар ҳаракатларини мувофиқлаштириш, шунингдек, ишчи-ходимлар ўртасида амалий кўникмаларни ошириш.
Ўқув машғулоти давомида ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати томонидан хабарларни тезкор етказиш тартиби, фавқулодда вазият ҳудудидан жабрланганларни олиб чиқиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш, радиацион хавфсизлик билан боғлиқ авариявий ҳолатларни бартараф этиш, қўриқланадиган объектларга ноқонуний киришга бўлган уринишларга қарши ҳаракатлар каби йўналишларда амалий машқлар бажарилди.
Тадбирда жамиятнинг фуқаролар муҳофазаси тузилмалари, махсус қутқарув бўлинмалари, тиббиёт ходимлари ва қўриқлаш хизматлари иштирок этди. Уларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари орқали авариявий вазиятларни бартараф этиш, жабрланганларга тезкор ёрдам кўрсатиш ва объект хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий тажриба мустаҳкамланди.