Канада нефт ва газ саноатидаги илғор технологиялар ўрганилмоқда
Канаданинг “Condor Energies Inc.” компанияси таклифига асосан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари Шимолий Америкада нефт ва газ саноатида қўлланилаётган замонавий технологияларни ўрганиш мақсадида Калгари шаҳрида хизмат сафарида бўлишди.
Мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ “Condor Energies Inc.” компаниясининг бош офисида бўлиб, компаниянинг стратегик ривожланиш йўналишлари, лойиҳаларни бошқаришдаги ёндашувлари ҳамда Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилаётган ва келгусида жорий этилиши режалаштирилган технологик ечимлар билан танишишди.
Сафар давомида Шимолий Америкадаги энг йирик тадбирлардан бири — “Global Energy Show” халқаро энергетика кўргазмасида иштирок этилди. Форум доирасида энергия ресурсларини қазиб олиш, қайта ишлаш ва трансформация қилиш соҳаларидаги инновацион ишланмалар намойиш этилди.
Кўргазма халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва соҳадаги сўнгги жаҳон ютуқлари билан танишиш имконини яратди.
Шунингдек, сейсмик маълумотларни талқин қилиш ва қайта ишлаш соҳасида етакчи ҳисобланган “Earth Signal Processing Ltd.” компанияси фаолияти билан танишилди. Бу ерда геофизик маълумотларни қайта ишлашнинг замонавий усуллари ҳамда компаниянинг процессинг марказининг техник имкониятлари намойиш этилди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ Канаданинг қудуқларни бурғилаш ва техник хизмат кўрсатиш соҳасидаги қатор илғор компанияларига ташриф буюрди.
Жумладан, “OptiMax Drilling Solution” ишлаб чиқариш майдончасида бурғилаш жараёнларини оптималлаштириш ва реал вақтда мониторинг қилиш тизимлари тақдим этилди. “Lee Energy Systems” компаниясида қудуқларни перфорация қилишда қўлланиладиган инновацион ечимлар ҳамда замонавий пакер тизимлари намойиш қилинди. “Team Snubbing Service Inc.” компанияси объектида эса қудуқларни ўчирмасдан капитал таъмирлаш имконини берадиган иккиламчи превенторга эга гидравлик кўтаргич технологиялари билан танишув ташкил этилди. Бу технологиялар қудуқларнинг таъмирлашдан сўнг самарали ишга туширилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур хизмат сафари Канада билан соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Сафар доирасида олинган билим ва ўрнатилган ишбилармонлик алоқалари компания объектларида замонавий технологик ечимларни тадбиқ этиш, углеводород хомашёсини қазиб чиқариш ҳажмини ошириш ва соҳадаги самарадорликни янада юксалтиришга хизмат қилади.