2023 йил учун молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот
“Ўзбекнефтгаз” АЖ компаниялар гуруҳи 2023 йил учун Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)га мувофиқ тузилган консолидациялашган молиявий ҳисоботни мустақил аудитор (“Ernst & Young”) ҳисоботи билан бирга эълон қилди.
Гуруҳнинг тушуми 27 442 млрд сўмни ташкил этди ва бу 2022 йилга нисбатан 11,4 %га кўпдир. 2023 йил ноябр ойидан табиий газ тарифининг ошиши ва “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқариш ҳажмининг 2022 йилга нисбатан ортгани тушум динамикасига ижобий таъсир кўрсатди.
“EBITDA” Гуруҳнинг 2023 йилдаги операцион рентабеллигини акс эттиради. У 13 505 млрд сўмни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 21 %га юқори (11 147 млрд сўм). “EBITDA” ўсишининг асосий омили бўлиб, “Uzbekistan GTL” тушумининг 3 061 млрд сўмга ошиши ҳисобланади.
Шунингдек, қазиб олинган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи (ишлаб чиқариш харажатлари)ни барқарорлаштириш, шунингдек, “EBITDA”ни 2022 йилга нисбатан 2 358 млрд сўмга сезиларли даражада оширишга эришиш чоралари кўрилди. Худди шундай тенденция 2024 йилнинг биринчи ярмида ҳам кузатилади.
Молиявий харажатларнинг 2023 йил учун умумий миқдори 2022 йилга нисбатан 1 737 млрд сўмга ошди. Молиявий харажатларнинг 2023 йилда ошишининг асосий сабаби жаҳон бозорларида фоиз ставкаларининг сезиларли даражада кўтарилиши ҳисобланади, жумладан “SOFR” 25,3 %га ва “EURIBOR” 79,3 %га ошди.
Курс фарқлари билан операциялардан кўрилган зарар 2022 йилга нисбатан 2023 йилда 3 024 млрд сўмга ошди.
Ушбу харажатлар ўсишнинг асосий омили бўлиб, 2023 йил давомида хорижий валютанинг ўзбек сўмига нисбатан курсининг сезиларли даражада ошиши ҳисобланади. АҚШ доллари курсининг 2023 йилда ўсиши 1113,3 сўмга ёки 9,92 %ни ташкил этди. Евро курси 1770,0 сўмга ёки 14,80 %ни ташкил қилди (2022 йилда АҚШ доллари курсининг ўсиши 387,8 сўмга ёки 3,6 %ни ташкил қилган, евро курси эса пасайган 263,0 сўмга ёки 2,2 %ни ташкил қилган).
“EBITDA” кўрсаткичининг 2023 йилда 2022 йилга нисбатан 21 %га ошганига қарамай, соф фойда 78 %га камайди.
Соф фойданинг камайиши кўп жиҳатдан валюта курсидан келиб чиққан молиявий харажатлар ва юқорида тавсифланган жаҳон бозорларида фоиз ставкаларининг кўтарилиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, соф фойдага эришишда пул оқимини самарали бошқариш орқали дебиторлик қарзларининг қисқариши ижобий таъсир қилди.
Таъкидлаш жоизки, самарадорлик ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шу жумладан “Uzbekistan GTL” операцион қувватини ошириш асосий молиявий кўрсаткичлар - даромадлар ва “EBITDA” ўсишига таъсир кўрсатди.
Бундан ташқари, операцион кўрсаткичлар 2022 йилдаги 26 %дан 2023 йил охирида 29 %гача ўсди ва Гуруҳнинг тўлов қобилияти ҳам яхшиланди. Шунинг учун агар 2022 йилда компаниянинг жорий мажбуриятлари жорий активлардан 7 011 миллиард сўмга ошган бўлса, 2023 йилда жорий активлар жорий мажбуриятлардан 1 045 млрд сўмга ошди.
2023 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб фоиз ставкаларининг ошиши муносабати билан Гуруҳ ўз эътиборини умумий қарз юкини камайтиришга қаратди – соф молиявий қарз умумий ҳисобда 742 миллиард сўмга қисқарди. Шу билан бирга, фоиз харажатларининг ўсиши сузиб юрувчи “SOFR” ва “EURIBOR” ставкаларининг ошиши натижасида юзага келди.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари
Гуруҳни янада молиявий соғломлаштириш мақсадида табиий газ нархи 2023 йил 15 ноябрдан бошлаб 340 сўмдан 450 сўмга, 2024 йил 30 майидан 600 сўмгача оширилди шунингдек, Гуруҳ олдига 2024 йилда ишлаб чиқариш харажатларини 1 трлн сўмга оптималлаштириш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, ҳукумат томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг асосий контрагентларига уларнинг кредиторлик қарзларини қоплаш мақсадида табиий газ учун тўловларни молиялаштириш ташкил қилинди. Хусусан, 2023 йилда 1,8 триллион сўм ва 2024 йилнинг 1-чорагида 2,7 триллион сўм миқдорида тўловлар амалга оширилди.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида 2024 йилда “Ўзтрансгаз”АЖнинг “Uz-Kor Gas Chemical” ҚК олдидаги қарздорлигини реструктуризация қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширди.
Бунинг натижасида битимнинг барча иштирокчиларининг активлар ва мажбуриятлари таркиби такомиллашди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ кредит рейтингига ижобий таъсир этади (FFO/DEBT кўрсаткичи яхшиланади) ва молиявий ҳолати бошқа Жамиятлар даромади ҳисобига яхшиланади.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ҳисоб ва ҳисобот методологияси бўлими