Мутахассислар “Schlumberger” компаниясининг халқаро сертификатларига эга бўлишди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва "Schlumberger" компанияси ўртасидаги келишув доирасида Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Моделлаштириш маркази ходимлари учун “ProSource Framework Advanced” бўйича "NExT SLB" дастури асосида малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди.
Ушбу курсни ўзлаштиришда асосий эътибор “ProSource” веб дастурининг янги имкониятлари билан танишиш, маълумотларни юклаш, визуализация қилиш ва тезкор экспорт қилиш усулларини ўрганиш, шунингдек, информатив дашбоардлар яратишга қаратилди.
Амалий машғулотлар давомида мазкур дастурий маҳсулотнинг янги функциялари бўйича барча топшириқлар бажарилди ва маълумотлар базасини мустақил бошқаришга йўналтирилган усуллар ўрганилди. Бундан ташқари, мавжуд маълумотлар базасига мазкур усулларни жорий этиш мақсадида уларнинг афзалликлари ва камчиликлари таҳлил қилинди.
Хизмат сафари давомида мутахассислар SLB компаниясининг нефт ва газ соҳаси учун илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга ихтисослашган “Innovation Factory” бўлими фаолияти билан ҳам танишдилар.
Ташриф давомида мутахассислар жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш соҳасидаги энг сўнгги ютуқлар, шунингдек, дунё амалиётида муваффақиятли қўлланилаётган ечимлар билан танишишди.
Маълумотларни реал вақт режимида бошқариш технологиялари, сунъий интеллектдан фойдаланиб қудуқ ишлашидаги аномалияларни аниқлаш мавзуларида маърузалар тингланди. Шунингдек, нефт ва газ компаниялари учун чат-ботлар (lokal Chat GPT) яратиш ва қўллаш ишлари ўрганилди.
Мутахассисларнинг алоҳида эътиборини нефт ва газ саноатининг эҳтиёжларига мослаштирилиши мумкин бўлган инновацион ускуналар ва рақамли ечимларнинг намойишлари тортди.
Курсни муваффақиятли якунлаган тингловчиларга халқаро намунадаги сертификатлар топширилди.