August 25

Мажмуада куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари давом этмоқда

O‘zbekcha Русча

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумида ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлигини ҳамда объектларни иссиқлик ва электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, технологик ҳудуддаги бўлинмалар қувурларнинг техник ҳолати текширилиб, таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, яроқсиз ҳолга келган ускуналар ва қувурлар янгисига алмаштирилмоқда. Қувурузатгич изоляциялар, маҳкамловчи арматура коробкалари ҳамда технологик аппаратлар изоляцияларида қисман янгилаш ишлари амалга оширилди.

Шу билан бирга, мажмуага қарашли 7 та ташқи қозонхонада режали таъмирлаш ишлари олиб борилди. Тайёр маҳсулотлар ва ҳом-ашё бўлинмасида турли ўлчамдаги жами 92 та сиғим (резервуар)да, Ички сув таъминоти бўлинмасида 1 та сиғим ва Ташқи сув таъминоти бўлинмасидаги 5 та сиғимда тозалаш ҳамда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Электр таъминоти тизимларининг барқарор ишлаши учун мажмуа ҳудудидаги 7 та трансформатор подстанцияси ва 3 та дизел электр станцияси тўлиқ текширилиб, ишга тайёр ҳолатга келтирилди.

Янги ўтказилган 110 метрлик қувурга изоляция ўрнатилди, 60 метр ички сув таъминоти қувурлари ва 50 метр иссиқлик қувурлари таъмирланди. Шу билан бирга, технологик ҳудуддаги 220 метрдан ортиқ иссиқлик қувурлари замонавий материаллар билан қайта қопланди.

6 та газ таъминоти пунктларида текшириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, уларнинг узлуксиз фаолият кўрсатиши таъминланди.

Мавсумига тайёргарлик бўйича белгиланган чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш учун барча зарур шароитлар яратилган бўлиб, назорат ва мувофиқлаштириш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Матбуот хизмати