Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш самарадорлиги оширилмоқда
Маълумки, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан етказиб бериладиган тозаланган табиий газ истеъмолчиларга (“Ўзтрансгаз” АЖ, "Uzbekistan GTL" МЧЖ) Шўртан газ кимё мажмуаси ҳудудида жойлашган ўлчов узели орқали амалга оширилади.
Мажмуа йиллик режа асосида таъмирлашга тўхтатилганида, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларидан қазиб олинадиган тозаланган табиий газ 33 км лик қувур орқали истеъмолчиларга тўғридан-тўғри етказиб берилар эди. Бу жараёнда магистрал қувурдаги механик қурум ва ортиқча бирикмаларнинг газ таркибида технологик қурилмаларига кириб бориш эҳтимоли юқори.
Шу сабабдан мажмуа томонидан истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз табиий газ етказиб бериш самарадорлигини ошириш мақсадида 33 км лик қувурнинг бошланиш қисмига диаметри 406 мм, умумий узунлиги 72 метр бўлган айланма қувур тортиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу қувур мажмуа таъмирлашга тўхтаган даврда ҳам газни сифатли етказиб бериш жараёнини барқарор ташкил этишга хизмат қилади. Айни пайтда айланма қувурни тортиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.