March 17

Аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга кўмаклашилмоқда

O‘zbekcha Ruscha

Маълумки, мамлакатимизда давлат раҳбарининг шахсан назорати остида камбағалликка қарши курашиш, жамиятнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини яхшилаш мақсадида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган бир қатор амалий ишлар қилиниши белгилаб олинган.

Ушбу тадбирлар ижросини таъминлаш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари Қ. Ҳакимов, Термиз тумани ҳокими Ш. Назаров ва Халқ қабулхонаси мудири А. Норматовлар томонидан Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги энг оғир аҳволдаги “Янгиер”, “Бунёдкор”, “Келажак” ва “Учқизил” маҳаллаларида сайёр қабуллар ташкил этилди. Учрашувлардан мақсад аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларига кўмаклашиш ва улар бандлигини таъминлашдан иборат.

Мулоқотлар давомида аҳолидан келиб тушган мурожаатлар тингланиб, муаммолар ва таклифлар ўрганилди, масалаларни бартараф этиш ва тегишли чораларни ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга аниқ тавсия берилди. Ушбу тавсиялар асосида эҳтиёжманд оилаларга қўшимча даромад манбасини яратиш учун махсус тадбирлар режаси амалга оширилади. Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш, турли касб ва малака билан боғлиқ дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида ушбу тўртта маҳалла аҳолисини суғориш суви билан таъминлаш масаласи юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва “Сувқурилишинвест” давлат муассасасига муаммони бартараф этиш ишларни кечиктиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш учун мурожаат йўлланди. Бу йўналишда амалий ёрдам кўрсатиш, ишларни тезроқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан келишувлар олиб борилмоқда.

Термиз туманидаги мазкур маҳаллалардаги аҳоли билан ишлашда фақат ижтимоий ёрдам кўрсатиш ёки даромад манбаасини яратиш эмас, балки уларнинг умумий ҳаёт даражасини оширишга қаратилган узоқ муддатли дастурлар ҳам амалга оширилмоқда. Мақсад — бу тумандаги ҳар бир оилага ўз эҳтиёжларини қондириш ва камбағалликни қисқартириш учун қулай шароитлар яратиш.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати