“Ўзбекнефтгаз”: “ПЕТОН” компанияси билан табиий газни қайта ишлаш жараёнларини такомиллаштириш имкониятлари ўрганилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “ПЕТОН” компанияси мутахассислари ҳамкорлигида Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳамда Шўртан газ кимё мажмуасидаги табиий газни қайта ишлаш жараёнларини такомиллаштириш имкониятлари ўрганилди.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, “ПЕТОН” компанияси Россиянинг йирик технологик муҳандислик холдингларидан бири бўлиб, нефть ва газ соҳасида хом ашёни монетизациялаш, лойиҳалаш, қурилма ва жиҳозларни ишлаб чиқариш, қурилиш, лойиҳани олиб бориш ва ЕРС хизматларини амалга оширади. Компания ташкил этилганидан буён МДҲ давлатларида 170 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширган.
Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва Шўртан газ кимё мажмуасига ташрифлар мобайнида хорижий мутахассислар билан газни қайта ишлаш ва газкимё соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қайта ишлаш жараёнларини модернизациялаш, юқори самарали илмий ишланмаларни татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш сарф ҳаражатларини камайтириш ва технологик жараён циклларини қисқартиришни йўлга қўйишда қазиб олинаётган табиий газ таркибидаги компонетлардан самарали тозалаш технологияларини жорий этиш муҳим ҳисобланади.
Шу боис “ПЕТОН” компанияси мутахассисларининг корхоналардаги табиий газ таркибидан компонентларни ажратиб олиш ва улардан юқори қўшилган қийматдаги товар маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича таклифлари тингланди.
Олиб борилган музокаралар натижасида хом ашё газларидан этан газини монетизация қилиш, товар газ таркибидаги олтингугурт меркаптанини белгиланган меъёрларга тушириш, нордон газларни тозалаш ва улардан техник олтингугурт маҳсулотини олиш унумдорлигини кўтариш, суюлтирилган углеводородлар ажралиш ҳамда тозалаш жараёнининг самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш технологик қувватларини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда ўрганишлар олиб бориш белгилаб олинди.