“Total Energies” компанияси билан яшил энергия бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Франциянинг “Total Energies” компанияси вакиллари иштирокида музокаралар олиб борилди.
Мулоқот чоғида хорижий компания вакиллари Ўзбекистонда электромобилларни зарядлаш шохобчалари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Ўз навбатида, хорижий компания вакилларига айни пайтда мамлакатимизда амалга оширилаётган яшил энергияга босқичма-босқич ўтиш ислоҳотлари, шунингдек, электромобилларга бўлган юқори бозор талабини ҳисобга олган ҳолда зарядлаш шохобчаларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумотлар берилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Total Energies” сўнгги йилларда экологик тоза энергия турларидан фойдаланишни фаол ривожлантираётган дунёдаги энг йирик нефть-газ компанияларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда у дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритмоқда. Учрашувда қайд этилишича, компания Марказий Осиё минтақасидаги ваколатхонасини Тошкентда очишни режалаштирмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан бугунги кунда конларда “Upstream” йўналишида қазиб чиқаришни ривожлантириш ва “Uzbekistan GTL” заводида углеводородларни чуқур қайта ишлашда “Downstream” каби янги истиқболли лойиҳаларни тадбиқ этишга эътибор қаратилмоқда.
Француз компанияси “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан яшил энергия бўйича янги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида қўшма лойиҳалар устида ишлашни давом эттириш, шунингдек, ўзаро англашув меморандумини (MOU) имзолаш имкониятларини янада кенгроқ ўрганиб чиқишга келишиб олинди.