September 15, 2023

Атмосферага чиқаётган буғдан иккиламчи энергия сифатида фойдаланилмоқда

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ишлаб чиқариш корхоналаридаги технологик жараёнларни такомиллаштириш орқали иш унумдорлигини оширишда мутахассисларнинг рационализаторлик таклифларига таянишни муҳим ҳисоблайди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг бир гуруҳ мутахассисларининг навбатдаги рационализаторлик таклифи ҳам муваффақиятли амалга оширилди.

Мажмуа мутахассислари иккиламчи энергия ресурсларидан самарали фойдаланишнинг янги усулини ўйлаб топишди. Унга кўра, "Буғ-газ-ҳаво таъминоти" цехининг Редукцион совитиш қурилмасидан атмосферага чиқаётган ортиқча паст босимли буғ қайта ишланиб энергия ресурслари тежаб қолинади.

Айни пайтда ушбу таклиф асосида ишчи лойиҳа тасдиқланди ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларига таъсир кўрсатмаган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Лойиҳа асосида мажмуа ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда қўшимча иссиқлик алмашиниш аппаратини ўрнатиш бўйича қурилиш ва монтаж ишлари якунланди. Ҳосил бўлган буғ конденсатини тизимга қайтариш учун 25 куб метр ҳажмли идиш, насослар ва керакли назорат ўлчов асбоблари ўрнатилди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида атмосферага кўп миқдорда иссиқлик чиқишининг олди олинади ва ойига ўртача ҳисобда 2338,58 тонна деминералланган сув ресурслари тежалишига эришилади.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Матбуот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube