February 24

Озарбайжон компанияси билан маҳаллийлаштириш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда

O‘zbekcha Ruscha

Озарбайжоннинг "CДФ" компанияси ўртасидаги кимёвий реагентлар ва ускуналар ишлаб чиқариш ҳамда бурғилаш ишлари хизматларини кўрсатиш бўйича ҳамкорликни амалга оширишга доир “Йўл харитаси”га асосан хорижий компаниянинг бир гуруҳ вакиллари "Ўзбекнефтгаз" АЖда бўлишди.

Ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, бурғилаш эритмалари ва уларнинг келажакдаги лойиҳаларда ишлатиладиган оптимал тизимлари бўйича кўплаб муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб, компаниялар раҳбарияти томонидан бурғилаш эритмаларини ишлаб чиқариш ва уларни тайёрлашда халқаро стандартларга мувофиқлик масалаларини кўриб чиқишди.

Шундан сўнг "CDF" компаниясининг техник мутахассислари Қашқадарё вилоятидаги "Чунагар" конида бўлиб, у ерда бурғилаш эритмаларини тайёрлаш ва уларни жорий этиш бўйича зарур техник шароитларни текширдилар. Кондаги резерварлар, бурғилаш эритмаси ишлаб чиқариш блоклари, ўлчов ва назорат асбоблари ҳолатига баҳо берилди. Шунингдек, бурғилаш қурилмалари ва уларнинг келажакдаги ишлатилиши учун зарур бўлган тармоқларнинг таҳлили олиб борилди.

Махсус гуруҳ томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳам музокаралар қилинди. Унда "Trade Mega Asia", "Тошкент Полимер Синтез" ва "Unique Chemistry" компаниялари билан бурғилаш эритмалари учун кимёвий моддалар локализациясини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида Ўзбекистоннинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини жалб этиш орқали бурғилаш эритмаларини тайёрлаш ва уларни ишлатишда самарадорликни оширишга қаратилган янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро келишувлар ва стратегик режалар қабул қилинди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook