Коллежнинг 20 нафар тингловчиси халқаро нефть ва газ компаниясига ишга жойлаштирилади
Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда янги иш ўринларини яратиш, ички ва ташқи меҳнат бозорини ривожлантириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, республика иқтисодий ўсиши ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Нефть ва газ саноати кенг қамровли бўлгани боис кўплаб одамларни иш билан таъминлаш имконига эга. Аммо, соҳа юқори малакали ишчилар ва билимларни доимий равишда янгилашни талаб қилади. Чунки нефть ва газни қазиб олиш, уни қайта ишлаш технологиялари ҳамда усуллари мунтазам такомиллашиб бормоқда.
Шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Бухоро нефть ва газ саноати коллежи ҳамда “Газпромнефть” АЖнинг ҳамкор ташкилоти “ФракДжет-Волга” МЧЖ ўртасида шартнома имзоланган.
Шартнома нефть ва газ тармоғидаги кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, шунингдек, соҳага инновацияларни жорий этишга хизмат қилади. Бу эса нафақат мамлакат иқтисодиёти, балки ёшлар ўртасидаги бандликни таъминлаш ва уларни профессионал ривожланиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Коллеж ва “ФракДжет-Волга” ҳамкорлигида ташкил этилаётган махсус малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига шу пайтга қадар 20 нафар Ўзбекистон фуқароси жалб этилди.
“Бурғиловчи ёрдамчиси” ва “Юк илдирувчи” касблари бўйича малака оширган битирувчилар “Газпромнефть” компаниясига ўрнатилган тартибда ишга жойлаштирилиши режалаштирилган.