“Ўзбекнефтгаз”: Беларусь кимё, тоғ ва нефть тармоғи ходимлари касаба уюшмаси вакиллари “Uzbekistan GTL” заводига ташриф буюришди
Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари ҳамроҳлигида Беларусь кимё, тоғ ва нефть тармоғи ходимлари касаба уюшмаси вакиллари “Uzbekistan GTL” заводида бўлиб, синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарилиш ҳолати билан яқиндан танишишди.
Ташриф давомида “GTL” заводида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган янги турдаги синтетик ёқилғи маҳсулотларни ишлаб чиқариш жорий ҳолати, уларнинг сифати ва стандартларга мувофиқлиги, маҳсулотларни сақлаш, сотиш ҳамда истеъмолчиларга етказиб берилиши жараёнлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, касаба уюшмаси вакиллари “Uzbekistan GTL” заводининг марказий бошқарув биносида жойлашган замонавий бошқарув панеллари орқали заводнинг 11 мингга яқин ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмаларини синхрон эксплуатация қилиш технологик тизим фаолиятини кузатишди.
Бундан ташқари, хорижий делегация вакилларига заводнинг марказий лабораторияси биносида жойлашган замонавий қурилма ва асбоблар орқали заводда ишлаб чиқарилаётган “GTL” дизель ёқилғиси “Euro-6” (ЕN15940) Европа экологик стандарти ва “O'zDSt EN 15940:2022” миллий стандарти талаблари асосида олиб бориладиган лаборатория таҳлил жараёнлари билан яқиндан таништирилди.
Ташриф якунида делегация вакилларига заводнинг ишчилар шаҳарчасида ходимларга яшаш ва мароқли дам олиш учун яратилган шароитлари тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.