July 18, 2023

Нефть, газ захираларини хавфсиз ва самарали ўзлаштириш имкониятлари 

O‘zbekcha Ruscha

Россиянинг Стерлитамак шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Белоруснефть”АЖ геологлари иштирокида “Взрывгеосервис” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ер ости қатламларини тешиш-портлатиш комплексларининг дала синовлари ўтказилди.

Тажриба-синовлари ушбу комплексларнинг саноатда фойдаланишдаги ишончлилиги, самарадорлиги ва уларнинг чуқур ер ости қатламларида ишлашдаги натижадорлигини қатъий талаблар асосида баҳолаш мақсадида амалга оширилди.

Мутахассислар қатламларни тешиш-портлатиш комплексларнинг саноат, ишлаб чиқариш ҳамда инсон саломатлиги ва ҳаётига нисбатан хавфсизлигини баҳолаш бўйича тадқиқотлар ҳам ўтказишди.

Синовлар натижасида “Взрывгеосервис” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган беш турдаги қатламларни тешиш-портлатиш комплексларининг Россия Нефть ва газ технологиялари ташаббуслари институти томонидан ишлаб чиқилган талаб ва стандартларга мувофиқлиги тасдиқланди.

Ушбу жараёнда биз Институт ва ишлаб чиқарувчи компаниянинг синовларга тайёргарлик, уларни амалга ошириш ҳамда натижаларини баҳолашга қатъий талаблар асосида ёндашувларини кузатиш билан бир қаторда тешиш-портлатиш комплексларини амалда қўллаш бўйича янги технологик тизимлар билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлдик - дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ Геология департаменти бошлиғи Анвар Гадоев. – Институт билан нефть ва газ соҳасига доир стандартларни биргаликда экспертизадан ўтказиш ва уларни такомиллаштирган ҳолда ишлаб чиқаришда қўллаш борасида фаол ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.

Синовдан ўтган ва Институтнинг тегишли сертификатига эга бўлган тешиш-портлатиш комплекслари нефть ва газ тармоғида фаолият юритаётган компанияларга кон, ер ости қатламларида бажарилаётган ишлар самарадорлигининг оширилишига, уларни геологик ва геофизик жиҳатдан комплекс ўзлаштиришга эришиш имкониятини яратади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube