Ходимлар учун навбатдаги “Театр куни”
Хабарингиз бор, Ўзбек миллий академик драма театрида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимлари учун навбатдаги “Театр куни” ўтказилди.
Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан санъат ва маданият, жумладан ўзбек театр санъатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайд этиш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги бошқармалар ва корхоналарда ҳам “Театр кунлари”, вахта усулида меҳнат қилаётган ишчилар учун сайёр театрларнинг ташкил этилиши анъанага айланиб улгурган.
Ўзбек Миллий академик драма театрида ўтказилган маданий тадбирнинг очилиш маросимида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари Рустам Шеров сўзга чиқиб, 2024 йилда жамият томонидан амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида сўз юритди. Маҳсулот ишлаб чиқариш, инвестициялар жалб қилиш, экспорт, таннархни камайтириш ҳамда солиқ тўловлари белгиланган режадан юқори кўрсаткичларда таъминлангани қайд этилди.
Ходимлар кириб келган Янги 2025 йил билан муборакбод этиларкан, ҳукумат томонидан белгилаб берилган мақсадли кўрсаткичлар ижросини таъминлашда катта жамоа ҳар бир аъзосининг машаққатли меҳнати ётгани алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг ходимлар учун ҳаяжонли дақиқалар бошланди. Ўтган йилдаги самарали фаолияти учун “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг бир гуруҳ фидоий ишчи-ходимлари “Энг яхши бурғуловчи”, “Энг яхши нефт-газ қазиб чиқариш ходими”, “Конларни ишлатиш бўйича энг яхши геолог”, “Энг яхши углеводородларни қайта ишлаш ходими”, “Энг яхши диспетчер”, “Энг яхши энергетик”, “Энг яхши механик”, “Маҳаллийлаштиришда энг фаол ходим” каби 36 та номинация бўйича эсдалик совғалари ва махсус статуэткалар билан тақдирланишди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим қаламига мансуб “Адолат фасли” спектакли намойиш этилди. Ушбу саҳна асарида улуғ аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, хусусан, Амир Темурнинг адолатли давлат бошқаруви ҳақида ҳикоя қилинади. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев бошчилигидаги маҳоратли актёрлар ижросидаги спектакл ходимларнинг тўхтовсиз олқишига сазовор бўлди.