“Лидер аёллар” Францияда стажировка ўташди
Давлатимиз раҳбари Фармонига кўра, ҳар йили 100 нафар хотин-қизни “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув курсларида ўқитиш ва улар орасидан энг салоҳиятли кадрларни илғор хорижий давлатларда стажировка ўташини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Фармонга мувофиқ, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан бир гуруҳ ходимлар “Лидер аёллар” дастури доирасида Францияда стажировка ўтаб қайтишди. Улар орасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бизнесни истиқболли ривожлантириш департаменти Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Севара Иброҳимова ҳам бор.
Ўқув дастури Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Самарали давлат бошқаруви” лойиҳаси, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Франциянинг Давлат хизмати миллий институти (Institut National du Service Public, INSP) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Дастур давомида иштирокчиларга лидерлик моҳияти ва кенг тарқалган гендер стереотиплари, “лидерлик режими”га ўтиш учун кўникмаларни ривожлантириш, давлат инновацион лойиҳаларида аёл раҳбарларнинг ўрни каби мавзуларда амалий машғулотлар ўтказилди.
Севара Иброҳимова, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бизнесни истиқболли ривожлантириш департаменти бўлим бошлиғи:
"Президентимизнинг изчил сиёсати туфайли хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай семинарларнинг ташкил этилиши нафақат етакчи аёлларни шакллантиради, балки жамият ривожига ҳам катта таъсир кўрсатади. Семинарда Франция томони аёллар етакчиларини ҳам психологик, ҳам институционал нуқтаи назардан тайёрлаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Ишончим комилки, хориж тажрибасидан миллий қадриятларимиз билан уйғунлашган ҳолда фойдаланиш мамлакатимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади."