January 30

“Standard Chartered Bank” вакиллари билан музокаралар олиб борилди

O‘zbekcha Ruscha

Жаҳоннинг йирик молия ташкилотларидан бири бўлган “Standard Chartered Bank” ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган учрашув ўтказилди.

Унда томонлар кредитлаш ҳажмини оширишнинг турли имкониятларини муҳокама қилишди. Хусусан, қайта тикланадиган кредит линияси ташкил этиш ёки томонлар ўртасидаги шартномаларни кенгайтириш орқали банк билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

“Standard Chartered Bank” Форс кўрфази минтақасидаги мавқеини инобатга олган ҳолда, жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг молиялаштиришга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Синдикатлашган кредитлар ташкил этиш, қўшимча еврооблигациялар чиқариш ва хеджлаш стратегиялари каби турли молиявий инструментлар таклиф этилди.

Шунингдек, атроф-муҳитга зарарни камайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳам диққат марказида бўлди. Бу борадаги ҳамкорлик экологик самарадорликни оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга татбиқ этишга хизмат қилади.

Қайд этиш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Standard Chartered Bank” ўртасидаги алоқалар клуб битимида кредитлаш ва еврооблигациялар чиқариш каби йўналишларда йўлга қўйилган. Банк еврооблигациялар чиқарилишини баҳолаш, нархни аниқлаш, инвесторларни жалб қилиш, тақдимотларни ташкил этиш, жойлаштириш жараёнини мувофиқлаштириш, тақсимлаш, эмиссия проспектини тайёрлаш, инвесторлар билан келишувлар каби муҳим вазифаларни бажаради.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдиришди. Банк вакиллари қўшма лойиҳаларни молиялаштириш ва жараёнларни жадаллаштиришга тайёр эканликларини билдиришди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook