July 19

Қонунчиликдаги янгиликларга бағишланган семинар ўтказилди

O‘zbekcha Ruscha

Маълумки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. 2024 йил 5 июнда Президентимиз томонидан “Манфаатлар тўқнашуви” тўғрисидаги Қонуннинг имзоланиши ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамкорлигида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети Тошкент шаҳридаги филиалида ушбу қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Унда "Ўзбекнефтгаз" АЖда фаолият юритаётган ходимлар, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, коррупцияга қарши рейтингда илғор натижаларга эришган корхона ва ташкилот масуъллари иштирок этди.

Манфаатлар тўқнашуви - бу шахснинг шахсий манфаатлари унинг касбий масъулияти ва қарорларига таъсир қилиши мумкин бўлган вазият. Янги қабул қилинган қонун бундай вазиятларни минималлаштириш ва бошқаришга қаратилган қоидалар ва тартибларни белгилайди.

Шу сабаб иштирокчиларга “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун, унинг тамойиллари ва қўлланилишининг амалий жиҳатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, жавобгарлик турлари ва жазо чоралари ҳақидаги хабардорлиги оширилди.

Бундай семинарларни ташкил этилиши корпоратив маданиятни яхшилаш, рискларни камайтириш, бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Семинар давомида давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этишнинг аҳамияти, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришлар, юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиблари бўйича маърузалар ҳам тингланди.

Шунингдек тадбирда Жамиятнинг молиявий ва комплаенс назорати бўйича ярим йиллик ҳисоботи тингланиб, ҳудудий корхоналарда назоратни такомиллаштириш бўйича режалар белгилаб олинди.

Мавзуга оид фикр-мулоҳазалар алмашилиб, ўзаро савол-жавоблар ўтказилди ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook