“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан газ кимё мажмуаси таъмирдан сўнг одатий иш режимида ишлай бошлади
Жорий йилнинг 6 октябрь кунидан бошлаб Шўртан газ кимё мажмуасининг бир қатор технологик қурилма ва ускуналарида жорий таъмирлаш ва модернизация ишларини амалга ошириш бошланган эди.
Таъмирлаш вақтида режалаштирилган жами 1238 та банддан иборат ишларни бажариш учун жами 23 кун вақт ажратилган бўлса-да, мажмуа ва жалб қилинган турдош ташкилотлар мутахассисларининг самарали меҳнати эвазига 16 кунда якунланди. Бу ҳаракатлар қурилмаларни таъмирлаш вақтини 7 кунга қисқартиришга олиб келди ва келгусида юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми ортишига замин яратди.
Ҳозирги вақтда мажмуанинг технологик қурилмалари босқичма-босқич ишга туширилди ва технологик жараёнлар тўлиқ олиб борилиши йўлга қўйилди.
Таъмирлаш ишларига маҳаллий ҳамда хорижий ташкилотлар, жумладан Швециянинг “Siemens” ва Япониянинг “Mitsubishi” компанияларининг жалб этилди. Ушбу компаниялар мутахассислари томонидан мажмуадаги пирогаз компрессорининг юқори босимли босқичини ротор қисми тўлиқ таъмирланди. Шунингдек, тозаланган табиий газ ҳайдовчи компрессор тўлиқ таъмирдан, унинг газ турбинаси эса жорий таъмирдан ўтказилди.
Ушбу таъмирлаш ишлари технологик қурилма ва ускуналарнинг ишончлилигини оширишга ва келгусида вужудга келиши мумкин бўлган нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|