“Schlumberger” билан ҳамкорликдаги лойиҳани бошқариш гуруҳи ташкил этилади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси SLB (Schlumberger) компаниясининг Бош ижрочи директори Оливье Ле Пеш билан учрашув ўтказди.
Ташриф доирасида Оливье Ле Пеш “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги Моделлаштириш маркази ҳамда Бурғилаш ишларини бошқариш маркази фаолияти билан танишди.
Учрашувда 2019–2025 йиллар мобайнидаги ҳамкорлик натижалари таҳлил қилиниб, истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Томонлар сейсмик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш, геология ва геофизика маълумотларини ягона базага интеграция қилиш, шунингдек, илғор рақамли ечимлар ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқдилар.
Учрашувда асосий эътибор Устюрт минтақасида углеводородларни қидириш ва қазиб чиқариш ҳамда конларни оқилона бошқаришга қаратилган технологик ташаббусларни амалга ошириш учун JPMT (Joint Project Management Team) — Ҳамкорликдаги лойиҳани бошқариш гуруҳини ташкил этиш бўйича имзоланган келишувга қаратилди.