Корхоналарда коррупцияга қарши курашиш бўйича “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамкорлигида 22 та корхонада ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ушбу тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ишчи ходимлар иштирок этишди.
Мақсад коррупцияга қарши курашиш, фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш ва коррупциявий хатарларнинг олдини олишга қаратилган.
Тадбирларда иштирокчиларга коррупцияга қарши курашишнинг замонавий усуллари, давлат ва хусусий сектордаги хавф-хатарларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш усуллари, шунингдек коррупцияга қарши қонунларнинг энг янги талаблари бўйича маълумотлар берилди. Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ходимлари 2024 йилдаги мақсадларни амалга ошириш бўйича амалга оширилган 11 ойлик даврдаги муваффақиятлар ва натижаларни муҳокама қилишди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг янги Конституцияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг коррупцияга қарши бўлган устувор йўналишлари шарҳлаб берилди. Шунингдек, тадбирда мамлакатдаги коррупцияга қарши қонунлар ва халқаро стандартлар ҳамда уларнинг амалга оширилиши ҳақида сўз юритилди.
Маълумки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2021 йилда ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими” халқаро стандартига мувофиқ сертификатга эга бўлган. 2024 йилда Жамият томонидан ушбу халқаро стандарт бўйича қайтадан муваффақиятли ташқи аудитдан ўтказилди ва сертификат қайтадан тақдим этилди. Ушбу стандарт коррупцияга қарши курашишда мутлақо янги йўналишлар ва принципларни жорий қилишга ёрдам бермоқда. Шу билан бирга, 18 та завод ва нефт базалари ҳам ISO 37001:2016 стандартига мувофиқ халқаро сертификатга эга бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази масъул ходимлари ҳам иштирок этдилар.
Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясидаги махсус ўқув-курсларни муваффақиятли тамомлаган 60 нафар ходимга сертификатлар топширдилар.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашишнинг муҳим йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, коррупциявий хатарларни олдини олиш, фаолиятнинг шаффофлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши идоралар билан яқин ҳамкорлик қилиш каби масалалар мустаҳкамланган. 2024 йилда ҳам коррупцияга қарши чоралар янада кучайтирилиб, амалдаги ҳолатларнинг назорати давом эттирилади.